суббота, 1 марта 2014 г.

Нимага бизни мактабда “иккичилар” йўқ?


Янги мактабларимизда бўлганмисиз? Жуда қулай, шинам, энг муҳими, барча жиҳозлари, партадан стуллар-у, спорт залларидаги инвертариларигача яп-янги! Кўпларни катта сумка кўтариб мактабга бораётган ўғил-у қизга ҳаваси келиб қараб қолади. Мактабга борган даврларимни яхши эслайман, мактаб попкамизда ошиб борса иккита китоб бўларди. Дарсликлар етишмаслиги мутлақо табиий эди. Вей, жисмоний тарбия дарсларини айтмайсизми, энг кўп ўйнаган ўйинимиз “Қизил байроқ” бўлган. Билмасангиз шу ўйинни эслатиб ўтаман, гуруҳ иккига бўлинади, “қўналға”га махсус байроқ (уни қизил бўлиши шарт эмас) осилади. Томонлардан рақиб қўлига тушмасдан байроқни ўғирлаб қайтиши талаб этилади. Жуда қизиқ ўйин, тўғрими? Эндичи, спорт залига кеча кирганингизда эди воллейбол ўйнаётган қизларни, бугун кирсангиз футбол ўйнаётган болаларни, эртага кирсангиз яна нимадир ўйнаётган ўқувчи-ю ёш-ялангни учратишингиз аниқ. Она тили, адабиёт китобларни қўя туринг-у меҳнат, жисмоний тарбия деган китоблариям бўлса керак. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида таълим тизимида жиддий ўзгаришлар амалга оширилди, мактаблар, касб-ҳунар коллежлари қурилди. Дарсликлар, қўшимча адабиётлар босилиб мактабларга етгазилмоқдаки, бугун мактабларнинг дарсликлар билан таъминланиши деган сўров статистика бандларида 100 % деган рақамларларда порлаб турибди. Умуман олганда манзара бир кўришда кўзни қувонтиради. Қилинган ишларнинг бевосита давоми ўлароқ, бугун таълим сифати ҳақида бонг ураётган эканмиз ҳисоботларда кўрсатилаётган юқори кўрсатгичлар билан бир вақтнинг ўзида унда-мунда катталар савол-жавобига тутилиб қолган, катта, ичи китоб билан лиқ тўла попка кўтарган ўтгинчи ўқувчи билан суҳбатдан сўнг катталаримиз болаларимизнинг билимлари анчайин бўш эканлиги, ўзини мактабда “3” баҳога ўқигани-ю, аммо ўшанда ўқиганлари ҳозиргача эсида турганини айтиб бир сизга бир ишни “шилта” қилиб кетиб бораётган болага саволнома тикилиб қолган ҳолатлари кўпда учраб туради.
            Ёшларимиз саводсизлашиб бормоқдами?

            Дадамни ўзидан бир, икки ҳатто, уч ёш катта синфдошлари бор. Бу ёш фарқлари уларнинг мактабга турли йилларда қабул қилинганлигини англатмайди. Балки, ўша даврда қолоқ ўқувчиларнинг синфдан-синфга қолдирилиши натижасидир. Балки “иккичилар”, чаласаводлар кўп бўлгандир ўшанда. Хўш, нимага ҳозир синфдан синфга ҳеч ким қолдирилмайди? Энди ўқувчилармиз орасида “иккичилар” йўқми?
Ҳозир қониқарсиз ўқиётган боланинг ўзи йўқ синф журналларида. Биласизми, ҳатто ўқувчи билади, бирибир узтози икки баҳо қўймаслигини. Буни бир неча жиҳат билан изоҳлаш мумкин. Синфдан синфга қолдиришнинг мураккаб жараёнлиги, қолоқ ўқувчи охир оқибат педкенгаш қарори асосида юқори синфга барибир кўчирилиши. Ўқитувчига белгиланадиган қўшимча ҳақ ва устамалар ўқувчиларнинг билим кўрсатгичидан келиб чиқарилиши, юқори ташкилотларга узатиладиган турли хисоботлар кейинчалик мактаб жамоаси учун дилхиралик келтириб чиқарадики, алалхусус синфда қолдириш бугун амалда мавжуд эмас. Бу балки амалдорларимизнинг синфда қолдириш боланинг руҳиятига жуда салбий таъсир қилади, ўқиш, билим олишга нисбатан қизиқишларини батомом йўқотади деб ўйлашаётганидандир. Ёки капитализмнинг ногоҳон кириб келишидан эсанкираб қолдикми? Пул топиш масаласи ота-онагина дахлдор бўлган тор доирасидан чиқиб кетиб фарзандларниям қамраб олдими? Бу билан ўқувчиларимизнинг ҳаммаси бозорма бозор юрибди демоқчи эмасман, фақатгина ота-оналарнинг эътибори энди кўпроқ фарзандининг неччи баҳоларга ўқиётгани эмас, рўзғор ташвишлари билан банд. “Агар улар катта қийинчиликларсиз етарлича маблағга эга бўлса фарзандининг ўзлаштиришлари билан жиддийроқ шуғулланарди”, деган гапга ишонгим келади. Нима бўлган тақдирда ҳам умумий саводсизлашув масаласи мавжуд деб қараётган эканмиз унга қарши бошқачароқ таъсирчан кураш усулларини яратишимиз керак эмасми?

            Ҳар бир туман ҳудудларида ХТВ ва ИИВ ҳамкорлигида махсус мактаблар қуришни таклиф қилган бўлардим. Бу махсус мактаб халқ таълими бўлими мактабларда ўқиётган том маънода қолоқ болаларни ўқитсин. Кескинроқ гапирадиган бўлсам, бу нафақат бола, балким ота-она наздидаям жазо чорасидек янграши керак. Билимсизлик учун жазоланаётганини фақат билимсизгина билмайди. Билим заруратини биз учун янги бозор иқтисодиёти шароити англатгунча кутамизми ёки ҳозироқ “лагер”ларни қурамизми? "Иккичилар"ни бир жойга тўплаб "иккичилик"ни тугата олмасдирмиз, лекин биз икки олмасликка курашиш тушунчасини яратишимиз керакку охир-оқибат.